O'zbekiston Respublikasi VM qarorlari va farmoishlari
Чоп этиш

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ҚИЗИЛМИЯ ВА БОШҚА ДОРИВОР ЎСИМЛИКЛАРНИ ЕТИШТИРИШ ҲАМДА САНОАТ УСУЛИДА ҚАЙТА ИШЛАШНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун қизилмия ўсимлигини етиштириш ва саноат усулида қайта ишлаш ҳажмларини ошириш, шунингдек, доривор ўсимликларни етиштириш ва саноат усулида қайта ишлаш соҳасини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасиқарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар уюшманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашни комплекс ривожлантириш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштириш, ушбу соҳада ягона илмий-техникавий, технологик, инвестиция ва экспорт сиёсатини юритишга кўмаклашиш;
табиий майдонлардан оқилона фойдаланган ва интенсив етиштириш технологияларини қўллаган ҳолда қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар ўсиши учун қулай ҳудудларда махсус плантациялар ташкил этиш йўли билан уларни етиштириш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш;
қизилмия хом ашёсидан самарали фойдаланиш, уни саноат асосида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш;
қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш соҳасини ривожлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга мўлжалланган мавжуд қувватларни ошириш ва янгиларни ташкил этиш жараёнларига хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ҳамда консультантларни фаол жалб этиш, ушбу соҳада илғор технологияларни жорий қилиш;
мазкур соҳа учун мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида, шунингдек, хорижда уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштиришда иштирок этиш.
3. Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 15 нафардан иборат бўлган Уюшманинг ижро этувчи аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида қизилмия ўсимлигини етиштириш ҳамда саноат усулида қайта ишлашни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 16 майдаги ПҚ-2970-сон қарори билан ташкил этилган қизилмия ўсимлиги саноат плантацияларини яратиш ва қизилмия хом ашёсини чуқур қайта ишлашни таъминлаш масалалари бўйича ишчи гуруҳ икки ой муддатда:
Уюшма уставининг тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;
Уюшманинг юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Уюшманинг Нукус шаҳри, А. Утепов кўчаси, 31-уй манзилидаги Нукус маиший хизмат кўрсатиш ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биносига бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилишини таъминласин.
6. Белгилаб қўйилсинки:
қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланадиган ташкилотлар Уюшма аъзолари таркибига кириши мумкин;
Уюшма раиси ва унинг ўринбосари муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тасдиқланади;
Уюшманинг ижро этувчи аппаратини сақлаш харажатларини молиялаштириш Уюшма аъзоларининг бадал тўловлари, шунингдек, қонун ҳужжжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
7. 2018 — 2023 йиллар даврида қизилмия плантацияларини босқичма-босқич ташкил этиш, уни узлуксиз кўпайтиришни таъминлаш мақсадида 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасида қизилмия ўсимлиги янги плантацияларини ташкил этиш ва хом ашёсини тайёрлаш ҳажмлари прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги Қизилмия етиштиришни кўпайтириш, чуқур қайта ишлаш ва дори воситалари ҳамда субстанциялар ишлаб чиқариш бўйича чора-тадбирлар дастурини икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсинлар.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва туманлар ҳокимликлари бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти, хорижий мутахассислар билан биргаликда, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштириш учун қулай бўлган, умумий майдони 25 минг гектаргачани ташкил қиладигин ер участкалари;
қизилмия плантациялари ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифлари танлаб олинишини таъминласинлар.
10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Қизилмия плантацияларини ташкил этиш лойиҳалари ташаббускорлари таклифларини танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
11. «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда:
2018 йил август ойигача бўлган муддатда — қизилмия ўсимлиги плантацияларини ташкил этиш ва парвариш қилиш, шунингдек, халқаро талабларга мувофиқ қизилмия хом ашёсини қуритиш ва қадоқлаш учун зарур бўладиган махсус техника воситалари ва минитехнологияларга бўлган эҳтиёжни ҳамда уларнинг турларини аниқласин;
талаб этиладиган махсус техника воситалари ва минитехнологияларни харид қилиш, шунингдек, имтиёзли шартларда, лизинг асосида олиш бўйича барча зарур ташкилий-амалий чораларни кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва бошқа тижорат банкларига қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш бўйича саноат плантацияларини ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан юқори бўлмаган ставкаларда, тўрт йиллик имтиёзли давр билан имтиёзли кредит маблағлари ажратиш тавсия этилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги корхоналарини таркибий қайта тузиш агентлиги қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этиш, уларни етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари грантлари ва кредитларини жалб этиш юзасидан бир ой муддатда таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этувчи, шунингдек, қизилмия илдизини қайта ишловчи ва тайёр маҳсулот чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектларга 2024 йил 1 январгача қуйидаги имтиёзлар берилсин:
а) қуйидаги тўловлардан озод этиш:
ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ягона солиқ тўлови, ягона ер солиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;
ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун хориждан келтириладиган технологик ускуналар, махсус қишлоқ хўжалиги техникалари, уларнинг таркибий ва эҳтиёт қисмлари, хом ашёлар, материаллар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари ҳамда қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар уруғлари ва кўчатлари учун божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари);
б) плантациялар ташкил этиш учун зарур кўчатлар (уруғ, қаламчалар)ни тайёрлаш (йиғиш) учун рухсатнома олиш учун тўловларни кечиктириш.
15. «Lanextrakt» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан таъсис этиладиган хўжалик юритувчи субъектга хорижий инвесторлар иштирокида истеъмол спирти ишлаб чиқаришга истисно тариқасида рухсат этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, «Lanextrakt» МЧЖ қўшма корхонаси таъсис этадиган хўжалик юритувчи субъектда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат спирти ҳажмининг қизилмия ва доривор ўсимликлар экстракти ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган қисмига акциз солиғи тўлаш мажбурияти бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Lanextrakt» МЧЖ қўшма корхонаси томонидан таъсис этиладиган хўжалик юритувчи субъектга озиқ-овқат спирти ишлаб чиқариш учун хом ашё сотиб олишга квоталар ажратсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси қизилмия плантациялари ташкил этиш мақсадида олиб келинадиган қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар уруғлари ва кўчатларининг истисно тариқасида қисқа муддатларда расмийлаштирилишини таъминласин.
17. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика соҳасини ривожлантириш агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни қайта ишлаш ва улардан доривор воситалар ишлаб чиқариш бўйича фармацевтика корхоналарини ташкил этиш юзасидан таклифлар киритсин.
18. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда ўсимликлар хом ашёсини чуқур қайта ишлаш орқали янги турдаги фармацевтика маҳсулотлари яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш бўйича таклифлар тақдим этсинлар.
19. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат аграр университети Нукус филиалида «Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси» мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни ташкил этсинлар.
20. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тошкент давлат аграр университети билан биргаликда:
бир ҳафта муддатда Қорқалпоғистон Республикасининг ўзига хос тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, қизилмия плантациялари ташкил этиш ва қизилмия ҳосилини йиғиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқсин;
2018 йилнинг март ойи мобайнида Қорақалпоғистон Республикасининг ҳар бир туманида фермер, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбар ҳамда мутахассислари иштирокида, замонавий илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнологиялардан фойдаланган ҳолда, қизилмия плантацияларини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш ва ҳосилини йиғиш бўйича амалий ўқув-семинарлари ўтказсин.
21. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
22. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 27 январь,
63-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 63-сон қарорига 1-ИЛОВА
Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмаси ижро этувчи аппаратининг
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг чекланган сони — 15 нафар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги 63-сон қарорига 
2-ИЛОВА
2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасида қизилмия ўсимлиги янги плантацияларини ташкил этиш ва хом ашёсини тайёрлаш ҳажмлари прогноз кўрсаткичлари

Т/р

Туманлар номи

Экин майдони, га

Ҳосилдорлик ц/га

Янги ҳосил, тонна
(5 йилдан сўнг)

1.

Тўрткўл

500

60

3 000

 

2.

Беруний

500

60

3 000

 

3.

Элликқаъла

500

60

3 000

 

4.

Амударё

500

60

3 000

 

5.

Хўжайли

1 550

60

9 300

 

6.

Тахиатош

500

60

3 000

 

7.

Шуманой

2 500

60

15 000

 

8.

Қонликўл

2 700

60

16 200

 

9.

Қўнғирот

2 400

60

14 400

 

10.

Нукус

1 685

60

10 110

 

11.

Кегейли

2 800

60

16 800

 

12.

Чимбой

2 935

60

17 610

 

13.

Қораўзак

2 600

60

15 600

 

14.

Тахтакўпир

2 600

60

15 600

 

15.

Мўйноқ

730

60

4 380

 

Жами

25 000

60

150 000